19:47 | 25.10.22

                       

Ўзбекистонда «Олий таълим аълочиси» ҳамда «Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси» кўкрак нишонлари таъсис этилди

Мукофотланган шахсларга бир марталик пул мукофоти ҳам берилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим аълочиси» ҳамда «Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси» кўкрак нишонларини таъсис этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Мукофот билан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида фидокорона хизмат қилаётган фуқаролар рағбатлантирилади. Қайд этилишича, «Олий таълим аълочиси» ҳамда «Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси» кўкрак нишонлари мукофотланган шахсларга 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунида топширилади.

Мазкур нишонлар билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири буйруғи билан амалга оширилади. Орден билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Кўкрак нишони билан мукофотланган шахсларга бир марталик БҲМнинг тўрт баравари миқдорида пул мукофоти берилади. Шунингдек, бир шахс мукофот билан фақат бир марта тақдирланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони таъсис этилгани  хабар берилганди.  Шунингдек, Ўзбекистонда «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони таъсис этилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: