9:36 | 26.10.22

                       

Тошкент метросида сумкасида бомба борлигини айтган қиз 5 суткага қамалди

Қиз кайфияти яхши бўлгани учун шу тарзда ҳазил қилмоқчи бўлган

Тошкент шаҳар судлари метрополитенда сумкасида бомба борлигини айтиб ҳазиллашган қизга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан маълумот берди.

Фото: ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти

Тошкент метросида сумкасида бомба борлигини айтган қиз ҳибсга олингани тўғрисида хабар берилганди. 24 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида видеоконференсалоқа воситасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 199-моддаси (Махсус хизматларни қасддан алдаб чақирганлик) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган 19 ёшли С.Х.га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.

Иш ҳужжатларига кўра, С.Х. 22 октябрь куни Тошкент метрополитенининг «Алишер Навоий» бекатида метрополитенда хизмат қилувчи ички ишлар органлари ходимларига сумкасида «бомба» бор, деб ёлғон хабар берган. Шу аснода метро бекатида жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан майда безорилик содир қилиб, ички ишлар органи ходимлари ва махсус хизмат ходимларини қасддан алдаб чақирган.

Суднинг қарорига кўра, С.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 ва 199-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида узил-кесил беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мазкур қарор устидан апелляция шикояти (протести) қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда берилиши мумкинлиги маълум қилинган.

Аввалроқ Тошкент метрополитенида поезд яна тўхтаб қолгани, «Тошкент метрополитени» метро бекатига сув оқиб тушгани, Тошкент метрополитени фуқарони «қўрқитиб юборган» ўриндиқ бўйича муносабат билдиргани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: