19:46 | 26.10.22

                       

Тошкентда бир гуруҳ қизлар ичимлик сувини беҳаё тарзда реклама қилди — видео

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мазкур ҳолатга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда «Mountain Dew» товар белгиси остида ўтказилган тадбирда ахлоқсизлик ва ҳаёсизлик хатти-ҳаракатлари намойиш этилган видеоролик тарқалди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг маълум қилишича, «Mountain Dew» товар белгиси остида чиқарилган газланган ичимлиги сертификатлаштириш органи томонидан 2021 йил 8 июлда UZ.SMT.01.0033.66104488-сонли мувофиқлик сертификатига асосан газланган алкоголсиз ичимликлар таснифига киритилган ва энергетик ичимлик ҳисобланмайди. Шу боис, «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 37-моддасига асосан энергетик ичимликларнинг рекламасига доир белгиланган чекловлар унга нисбатан татбиқ этилмайди

Маълум қилинишича, тарқалган видеороликда 2022 йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган «Авто – Шоу» тадбири қатнашувчилар томонидан видеотасвирга олинган ва ижтимоий тармоқда жойлаштирилган.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан бундай ахлоқсизлик ва ҳаёсизлик хатти-ҳаракатлари намойиш этилганлиги ҳолати юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш учун Ички ишлар вазирлигига сўров хати юборилди», – дейилади хабарда.

Маълумот учун, «Реклама тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ, ахлоқсиз (шахсларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига дахлдор бўлган ҳақоратли сўзлар, тасвирлар ҳамда ўхшатишлардан, ҳақорат қилувчи тасвирлардан фойдаланиш орқали инсонийлик ва ахлоқнинг умумқабул қилинган нормаларини бузувчи) реклама тақиқланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: