11:23 | 27.10.22

                       

Россиядаги корхоналардан бирида ишловчи Ўзбекистон фуқароларига чақирув қоғозлари берилди

Эркаклар ёрдам сўраб Президентга мурожаат йўллаган

Россиянинг Орлов вилоятида жойлашган «Экосити» чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасида ишловчи ўзбекистонликларга чақирув қоғозлари келди. Бу ҳақда маҳаллий телевидение орқали маълум қилинди.

Кадр: YouTube

Қайд этилишича, чақирув қоғозлари бутун смена — 50 кишига келган бўлиб, уларнинг ярмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади.

https://youtu.be/cPWzlzYeyeU?t=95

26 октябрь куни чақирув қоғозларини олган ўзбекистонликлар Президентдан ёрдам сўраб мурожаат йўллаган. Улар Ўзбекистон фуқароси бўла туриб, Россияда шунчаки ишлаётгани боис ҳарбий хизматга нима сабабдан чақирилганини тушунмаётганликларини билдирган.

Аввалроқ Россиянинг Москва шаҳрида яшайдиган Ўзбекистон фуқаросига урушга сафарбарлик чақирув қоғози келгани тўғрисида хабар берилганди. 17 октябрь куни Москвада қисман сафарбарлик якунлангани, сафарбарлик эълон қилинганидан кейин қанча эркак «тезлаштирилган» тартибда уйлангани маълум бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ўрталарида Ўзбекистон фуқароси Украинадаги урушга ёлланма аскар сифатида боргани айтилганди. Шунингдек, Россияда ўзбек диаспораси раҳбари ватандошларини Украинадаги урушга жалб қилаётгани хабар қилинганди. Ўз навбатида Бош прокуратура ҳам ўзбекистонликларнинг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: