13:13 | 27.10.22

                       

Россияда чақирув қоғози келган ўзбекистонлик мигрантлар қўйиб юборилгани маълум қилинди

Вазият уларнинг иш жойидаги ҳужжатбозлик билан боғлиқ чигалликлар сабаб юзага келган

Россиянинг Орлов вилоятида жойлашган «Экосити» чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасида ишловчи ўзбекистонликларга чақирув қоғозлари келгани тўғрисида хабар берилганди. Корхона раҳбари Ўзбекистон фуқароларининг ҳужжатлари текширилиб, дарҳол қўйиб юборилганини маълум қилган.

Кадр: YouTube

«Кеча (25 октябрь) биз бу муаммони ҳал қилишга муваффақ бўлдик. Ходимлар ишга қайтди ва корхона ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Вазият ҳали ҳам аниқ эмас. Менинг ходимларимга, айниқса ,Россия фуқароси бўлмаганларга, қандай мақсадда чақирув қоғозлари юборилган? Энди бу масала билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура шуғулланади», — дейди «Экосити» раҳбари Юрий Парахин.

Орлов ҳарбий комиссари Владимир Алёхиннинг сўзларига кўра, мазкур вазият корхонанинг ўзидаги ҳужжатбозлик билан боғлиқ чигалликлар сабаб юзага келган.

«‘Экоситиʼ ҳарбий ҳисобни юритмаган, захирадаги фуқароларнинг маълумотларини солиштирмаган, ташкилотнинг рўйхатга олиш варақасини Орлов ҳарбий комиссиясига тақдим этмаган. Бугунги кунга қадар корхонадан Россия Қуролли Кучлари сафига қисман сафарбарлик доирасида бирорта ҳам одам чақирилмаган», — дейди Алёхин.

Аввалроқ Россиянинг Москва шаҳрида яшайдиган Ўзбекистон фуқаросига урушга сафарбарлик чақирув қоғози келгани тўғрисида хабар берилганди. 17 октябрь куни Москвада қисман сафарбарлик якунлангани, сафарбарлик эълон қилинганидан кейин қанча эркак «тезлаштирилган» тартибда уйлангани маълум бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: