16:36 | 27.10.22

                       

Ўзбекистонда Россия армияси учун эрон дронлари йиғилаётгани айтилган хабар рад этилди

Аввалроқ Алишер Қодиров украиналик журналистнинг гапларини кескин танқид қилганди

Украиналик журналист Ўзбекистон ҳудудида Россия армияси учун Эрон дронлари йиғилаётганини айтганди. Мудофаа саноати давлат қўмитаси мазкур хабарни рад этди.

Маълум қилинишича, Мудофаа саноати давлат қўмитаси баъзи бир оммавий-ахборот воситаларида тарқатилаётган, гўёки Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий харакатларда қўлланилаётган эрон жанговар учувчисиз учиш аппаратларининг (жанговар дронлар) ишлаб чиқариш (йиғиш) майдони эканлиги тўғрисидаги хабарларни қатъий инкор этади.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки Ўзбекистон ҳозирги кунга қадар ҳеч қачон Эрон томони билан ҳамкорликда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқармаганлиги ва ҳозирги кунда ҳам ишлаб чиқармаётгани қўшимча қилинди.

«Шу муносабат билан, қўмита ОАВ орқали текширилмасдан туриб тарқатилаётган бу каби хабарлар жамоатчилик эътиборини ёлғон маълумотлар билан чалғитиши ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан дўстона муносабатларига салбий таъсир кўрсатишига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблайди», дейилади қўмита ахборотида.

Аввалроқ «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров ўзининг Telegram’даги канали орқали украиналик журналист Дмитрий Гордоннинг Ўзбекистон ҳақидаги гапларига муносабат билдирганди.

«Бу асоссиз ва масъулиятсиз эълонни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Ўзбекистон рус агрессиясини ҳеч қандай шаклда қўллаб-қувватламаслигини, музокаралар ва ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватлайдиган бетараф позициясини фуқароларимиз ҳам бутун дунё ҳам жуда яхши тушуниб бўлди», — деб ёзади депутат.

Алишер Қодиров, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари бу туҳматни расман рад этиши ва Гордонни узр сўрашга мажбур қилиши кераклигини таъкидлаган.

Аввалроқ Мусулмонлар идораси Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини Украинадаги «ҳарбий операцияда» қатнашмасликка чақиргани,  Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Украина ТИВга расмий нота юборгани, Курскдаги ўзбекистонлик талабалар Украинадаги можаро фонида Мирзиёевга мурожаат қилгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Комилов Сенатнинг 17 март кунги ялпи мажлисида Украина ва Россия ўртасидаги урушда мамлакатнинг Донецк ҳамда Луганскни республика сифатида тан олмаслигини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: