17:36 | 27.10.22

                       

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё—Европа Иттифоқи саммитида нутқ сўзлади

Президент мамлакат GSP+ тизимига қўшилганидан сўнг экспорт қарийб икки баробар ошганини таъкидлаган

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё—Европа Иттифоқи саммитида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Қозоғистоннинг Остона шаҳрида биринчи Марказий Осиё—Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Европа кенгаши президентлари ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари иштирок этмоқда.

Шавкат Мирзиёев тадбирдаги ўз нутқида Ўзбекистон мазкур форматга амалий ҳамкорликни илгари суриш, ишонч, шериклик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган муҳим мулоқот майдони сифатида қарашини таъкидлаган.

Давлат раҳбари минтақа ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг савдо-иқтисодий йўналишига тўхталиб, мамлакатларимиз GSP+ имтиёзли савдо тизимига қўшилганидан сўнг жорий йилнинг бошидан буён юқори қўшилган қийматли ўзбек маҳсулотларининг экспорти қарийб икки баробар ошганини қайд этилган.

Шунингдек, умумий рақамлар мавжуд улкан имкониятларга мос эмаслиги таъкидланиб, Европа бозорларида тайёр, хомашё бўлмаган товарлар номенклатураси билан муносиб рақобат қилиш учун:

  • саноат маҳсулотларининг Европанинг юқори стандартлари ва техник регламентларига мувофиқлигини таъминлаш;
  • ЕИ бозорларига чиқиш учун энг мақбул самарали транспорт-логистика коридорларини яратиш, энг аввало, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш;
  • европалик истеъмолчилар ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари маҳсулотларининг танилиши ва харидоргир бўлиши учун қўшма маркетинг тадқиқотлари ҳамда мақсадли тадбир ва акциялар ўтказиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Бу масалаларни тизимли равишда ҳал қилиш учун Президент бош вазир ўринбосарлари даражасида Марказий Осиё—Европа Иттифоқи Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни таклиф қилган.

Ушбу тузилма фаолияти доирасида «Глобал дарвоза» ташаббусининг мақсад ва вазифаларини қамраб олган ҳолда, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастурни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Ўзбекистон Европа инвестиция банкининг минтақавий офисини очиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга тайёрлиги билдирилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қозоғистон пойтахтига етиб боргани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: