16:58 | 27.10.22

                       

Ўзбекистон ТИВ Украина ҳукуматидан мамлакатга нисбатан асоссиз маълумотлар тарқатилганига чора кўришни сўради

Аввалроқ украиналик журналист Ўзбекистонда Россия армияси учун эрон дронлари йиғилаётганини айтганди

Украиналик журналист ва блогер Дмитрий Гордоннинг исроиллик тадбиркор Леонид Невзлин билан видеоинтервюси тарқалиб, гўёки унда Эроннинг учувчисиз учоқлари (дрон) Ўзбекистон ҳудудида йиғилаётгани тўғрисида ёлғон маълумотлар келтирилган. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Эрон билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилмайди ва ўз ҳудудида Эрон ҳарбий техникасини йиғмайди.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтгача Украина томонидан ҳам, бошқа хорижий ҳамкорлардан ҳам «Эрон дронларини йиғиш» масаласи бўйича расмий мурожаатлар келиб тушмаган.

«Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Украина расмий ҳукуматига Украина оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида икки томонлама муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган бундай асоссиз айбловлар ва бошқа ишончсиз маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаат қилади», дейилади вазирлик ваёнотида.

Аввалроқ «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров ўзининг Telegram’даги канали орқали украиналик журналист Дмитрий Гордоннинг Ўзбекистон ҳақидаги гапларига муносабат билдирганди.

Алишер Қодиров, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари бу туҳматни расман рад этиши ва Гордонни узр сўрашга мажбур қилиши кераклигини таъкидлаган.

Аввалроқ Мусулмонлар идораси Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини Украинадаги «ҳарбий операцияда» қатнашмасликка чақиргани,  Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Украина ТИВга расмий нота юборгани, Курскдаги ўзбекистонлик талабалар Украинадаги можаро фонида Мирзиёевга мурожаат қилгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Комилов Сенатнинг 17 март кунги ялпи мажлисида Украина ва Россия ўртасидаги урушда мамлакатнинг Донецк ҳамда Луганскни республика сифатида тан олмаслигини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: