9:22 | 28.10.22

                       

Шавкат Мирзиёев иссиқхоналарнинг газдан узилиш ҳолатини зудлик билан кўриб чиқишни буюрди

Тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўплангани учун тегишли масъуллар қаттиқ танқид қилинган

Иссиқхоналарни газ таъминотидан узиш ҳолати бўйича тадбиркорларнинг норозилигидан хабар топган Шавкат Мирзиёев зудлик билан мазкур масалани кўриб чиқиш учун Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовга тегишли топшириқ берди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Администрация раҳбари бошчилигида ўтган мажлисда иссиқхоналарни табиий газ таъминотидан огоҳлантиришсиз узиш ҳолатлари бўйича жуда кўп эътирозлар билдирилаётгани, хусусан, 25 октябрь куни республиканинг турли ҳудудларидан иссиқхоналари газдан узилган тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўплангани бўйича тегишли масъуллар қаттиқ танқид остига олинган.

«Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасадди раҳбарларининг ушбу масала билан умуман шуғулланмагани учун, тадбиркорларнинг муаммоларига ечим топмагани учун улар Президент Администрациясига келишмоқда», — дейди Умурзоқов.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида деҳқончилик ва чорвачиликка масъулларни танқид қилганди. Президент вилоятдаги деҳқончилик ва чорвачиликка масъуллар бор имкониятнинг 50 фоизидан ҳам фойдаланмаётгани, ер майдонлари катта бўлса ҳам, мева-сабзавот экспорти кўпаймаётгани, гўшт етиштириш пойтахт ва вилоят эҳтиёжлари учун умуман етарли эмаслигини кўрсатиб ўтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: