14:04 | 30.10.22

                       

Тожикистон ўз ҳудудида Эрон дронлари йиғилаётганини рад этди

ТИВ украиналик журналистга тарқатилган маълумотларнинг тўғрилигини текширишни тавсия қилган

Украиналик журналист Дмитрий Гордон 28 октябрь куни исроиллик тадбиркор билан суҳбатида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда Россия томонидан қўлланилаётган Эрон ҳарбий дронлари Ўзбекистонда йиғилаётгани ҳақида айтганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Мудофаа саноати қўмитаси буни рад қилганди. Ташқи ишлар вазирлиги эса Украина расмий ҳукуматидан ёлғон ахборот тарқатилишига нисбатан чора кўрилишини сўраган. Кейинроқ Дмитрий Гордон Ўзбекистонни Тожикистон билан чалкаштириб юборганини айтиб, узр сўраганди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги унинг сўзларига нисбатан муносабат билдирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги

«Биз украиналик блогер Дмитрий Гордоннинг 2022 йил 28 октябрь куни «Гордонга ташриф» онлайн дастурида Эрон томони Тожикистонда украиналикларни ўлдирадиган учувчисиз учоқлар ишлаб чиқаргани ҳақидаги сўзларини рад этамиз. Биз Тожикистон республикаси учинчи давлатларга ҳарбий техника экспорт қилмаслигини таъкидлаймиз», — дейилади ТИВнинг баёнотида.

Вазирлик Гордонга «бундай изоҳларга эҳтиёткорлик билан ёндашишни ва тарқатилган маълумотларнинг тўғрилигини текширишни» тавсия қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров Гордонни Ўзбекистонда Эрон дронлари йиғилиши ҳақида айтган гаплари учун узр сўрашга мажбур қилиш кераклигини таъкидлаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: