21:27 | 30.10.22

                       

Ҳиндистонда кўприкнинг қулаши оқибатида 40 киши ҳалок бўлди — видео

Ҳодиса вақтида фойдаланишга топширилганига атиги 5 кун бўлган кўприкда 500 га яқин киши бўлган

Ҳиндистон ғарбидаги Гужарат штатида кўприк қулаши оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар берди.

Хабарда айтилишича, кўприк 500 га яқин одам бўлганида қулаб тушган. Натижада 300 дан ортиқ одам сув остида қолган. Фожиа Маччу дарёсидаги Морби кўпригида содир бўлган. Кўприк 140 йил олдин қурилган, бир неча йил давомида реконструкция қилиниб, ташриф буюрувчилар учун атиги тўрт кун олдин очилган.

«Кўприкнинг қулаш сабаблари ҳозирча номаълум. Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда. Бош вазир Нарендра Модининг шахсан ўзи қутқарув операциясига бошчилик қилмоқда», – дейилади хабарда.

Бош вазир Нарендра Моди ҳалок бўлганларнинг оилаларига 200 минг рупидан, ярадорларга эса 50 минг рупидан пул маблағлари ажратилишини маълум қилди. Маҳаллий ҳокимият вакилларининг сўзларига кўра, қутқарув ишлари дарёнинг кучли оқими, шунингдек, кеч тушиши сабабли қийинлашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сеулда Хэллоуин байрамини нишонлаш пайтида тиқилинч оқибатида 150 дан ортиқ инсон вафот этгани ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: