11:41 | 01.11.22

                       

Бухорода қурилиши тугалланмаган бино қулаб тушди

Ҳодиса оқибатида қурувчи жароҳатланди

Бухоро шаҳрида қурилиши тугалланмаган 3 қаватли бино қулаши оқибатида бир киши жароҳатланди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 31 октябрь куни соат 16:03 ларда фуқаро Ш.С.дан олинган маълумотга кўра, Бухоро шаҳар «Дўстлик» маҳалласи Т.Фароғий кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган 3 қаватли бинонинг том қисмида қурилиш материалларининг вазндан ортиқ юкланиши оқибатида бинонинг юк конструкциялари (регил плиталари) қулаган.

Ҳодиса сабаб мазкур қурилиши тугалланмаган бинода қурувчи бўлиб ишлаётган Жондор тумани «Хўжахайрон» МФЙ Хўжахайрон қишлоғида яшовчи фуқаро — 1973 йилда туғилган Р.К. бино қулаши оқибатида тан жароҳати олиб, Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув отряди томонидан қутқарилган ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ётқизилган.

Шунингдек, ҳозирги вақтда вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ходимлари томонидан бинонинг қулаб тушиши билан боғлиқ ўрганиш ишлари олиб борилаётгани қайд этилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: