19:14 | 01.11.22

                       

Ҳиндистондаги кўприк қулаши юзасидан тўққиз киши ҳибсга олинди

Ушбу кўприк 1880 йилда қурилиб, қайта реконструкция қилинганидан тўрт кун ўтгач қулаб тушганди

Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Маччу дарёси устида 140 йил аввал қурилган, сўнгра бир неча йил давомида реконструкция қилинган Морби кўприги қайта очилганига тўрт кун бўлганда, 30 октябрь куни қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик қурбонлар сони 140 нафардан ошган. Кўприк қулаши бўйича тўққиз киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳибсга олинганларнинг тўрт нафари Морби шаҳридаги кўприкни бошқариш бўйича шартнома тузган фирма ходимлари бўлган. Якшанба оқшомида содир бўлган фалокатни тергов қилаётган полиция бошқармаси ҳибсга олинган тўққиз кишининг барчаси кўприкни сақлаш ва ишлатиш учун шартнома тузган Oreva Group’га алоқадорлигини айтган.

«Ушбу тўққиз нафардан иккитаси менежер бўлиб ишлайди, иккитаси кўприк участкасида чипталарни бронь қилиш бўйича хизматчи (барчаси Oreva ходимлари)», — деди юқори мартабали полиция ходими Ашок Кумар Ядав матбуот анжуманида.

Фото: AFP

Қолган беш айбланувчи орасида тузилмани таъмирлаш учун шартнома тузган икки киши, шунингдек, кўприкдаги хавфсизлик ходимлари бор. Ҳибсга олинганлар ҳақидаги хабарга Oreva’дан дарҳол жавоб бўлмаган.

Аввалроқ компания вакили Indian Express’га: «Биз қўшимча маълумот кутаётганимизда, кўприк қулаб тушди, чунки ўрта бўлимда жуда кўп одамлар… уни бир ердан иккинчи тарафга тебратишга ҳаракат қилишаётганди», дея изоҳ берган. Кўприк қайта очилишидан олдин хавфсизлик текширувлари ўтказилганми ёки йўқми, деган хавотирлар ҳам билдирилган.

Маччу дарёсидаги 230 метрли кўприк 1880 йилда Ҳиндистонда Британия мустамлакачилиги даврида қурилган.

Фото: BBC

Душанба куни миллий ва штат офатларига жавобгар гуруҳлар аъзолари бўлган ўнлаб қайиқлар ва Ҳиндистон денгиз флотининг ғаввослари омон қолганларни қидирган. Кўприк вайроналарини олиб чиқиш учун тўртта кран ишга туширилган ҳамда қутқарувчилар унинг остида қолган жасадларни қидиришган,

Душанба куни эрта тонгда қутқарувчилар сув оқимини камайтириш учун дарёнинг қуйи оқимидан тахминан 500 метр пастда жойлашган кичик тўғонни очишган. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди қурбонларнинг оилаларига товон пули тўланишини эълон қилган. У фожиадан чуқур қайғуда эканлигини ва унинг сабаблари ўрганилишини айтган.

Мухолифатдаги Конгресс партияси етакчиси Малликаржун Харге кўприк қайта очилгандан кейин «бор-йўғи беш-олти кун» ичида қандай қулагани ва ундан юришга шунчалик кўп одамга ким рухсат берганини аниқлаш учун суд текшируви ўтказишни талаб қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда кучли кўчки оқибатида кўприк қулаб тушгани ҳамда яна шу мамлакатда самолёт пиёдалар кўприги остида тиқилиб қолгани ҳақида хабар берилганди. Аввалроқ Мексикада метро кўприги поезд билан бирга қулаб тушганди. Россияда эса Қрим кўприги портлатилганди. Шунингдек, Туркияда 500 метрли кўприк ўғирлаб кетилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: