15:12 | 01.11.22

                       

ДСҚ Ўзбекистонда онлайн тўловлардаги узилишлар юзасидан муносабат билдирди

Аввалроқ мамлакатда онлайн тўловларда муаммолар юзага келаётгани айтилганди

Электрон тўлов ташкилотларининг Давлат солиқ қўмитаси билан интеграцияси туфайли уларнинг хизматларида узилишлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Қўмита ушбу хабарга аниқлик киритди.

Қайд этилишича, тўлов тизимлари операторлари ўз тўлов тизимларини онлайн-НКМга мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига 2022 йил март ойидан интеграциялашни таъминлаш талаби ўрнатилган.

Ушбу мақсадда тўлов ташкилотлари билан тизимли ишлар амалга оширилиб, 2022 йилнинг март ойидан шу кунга қадар 12 маротаба учрашув ташкиллаштирилган.

Шунингдек, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда электрон тўлов тизими орқали электрон фискал чек тақдим қилиш тартиби белгиланган.

Хусусан, мавжуд 48 та электрон тўлов ташкилотидан 25 таси фискал маълумотлар операторига интеграцияни тўлиқ якунлаган. Ҳозирги кунда харидлар учун тўловларни аксарият ҳолларда P2P (картадан картага ўтказиш) қилиш кузатилмоқда.

Мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда ахборот технологиялари воситасида истеъмолчилар, тадбиркорлик субъектлари ва давлат солиқ хизмати органларининг уйғунлашган фаолияти алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланган.

Бу рақамлаштириш билан боғлиқ амалий тажриба иқтисодий фаолликни ошириш ва қонуний фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорларни ҳимоя қилиш таъминланганлигини кўрсатди.

2021 йилнинг мос даврига нисбатан харид чеклари сони 185 фоизга харид суммаси эса 176 фоизга ошди. Бу рақамларни яширин иқтисодиётни соядан чиқариш натижалари деб қайд этиш мумкин.

Шу ўринда 1,5 миллион нафардан ошиқ фуқаролар ҳуқуқлари кафолатланиши таъминланган.

Эслатиб отамиз, аввалроқ ЙҲХХнинг серверидаги профилактика ишлари сабаб қатор онлайн хизматлар кўрсатилмаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда онлайн-аукцион учун тўланадиган йиғим бекор қилиниши маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: