16:33 | 01.11.22

                       

Зангиота—Қоплонбек автойўл ўтказиш пунктининг ёпилиш санаси ўзгарди

Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги ушбу ўтказиш пункти 1 ноябрдан ёпилиши эълон қилинганди

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги Зангиота—Қоплонбек автойўл ўтказиш пункти 1 ноябрдан 19 ойга ёпилгани хабар берилгани. Давлат божхона қўмитасининг хабар беришича, ушбу автойўл ўтказиш пункти 2022 йил 1 декабрдан ёпиладиган бўлди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 28 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари мазкур ўтказиш пунктларини 1 декабрдан реконструкция ва модернизация қилишга келишиб олган. Унга қадар Зангиота—Қоплонбек автойўл ўтказиш пункти фаолиятини давом эттиради.

Қайд этилишича, қурилиш реконструкция ишлари икки давлат ўтказиш пунктларида бир вақтнинг ўзида бошланади ва якунланади.

Реконструкциядан сўнг «Навоий» чегара божхона пости замонавий қиёфага келтирилади. Постда автотранспортлар учун йўлаклар сони икки баробарга кўпайиб, транспорт воситаларини ўтказувчанлиги суткасига 300 тадан 1000 тагача ошади.

«Чегарадан ўтиш вақти 3 маротабагача қисқаради ва ҳайдовчиларга ҳамда йўловчиларга барча шарт-шароитлар яратилади», дейилади қўмита ахборотида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: