16:12 | 01.11.22

                       

Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларидаги ўзбекистонлик талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилди

Ўқишни кўчириш бўйича аризалар қачондан қабул қилиниши очиқланди

Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларидаги олий таълим муассасалари (ОТМ)да ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилди. Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Давлат қабул комиссиясининг 7-сон баёни билан Россиянинг (Украина билан чегарадош) Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилган.

Унга кўра:

  • талабаларнинг доимий яшаш манзили ҳудудида жойлашган ОТМнинг мос ва турдош (мос ва турдош бўлмаган тақдирда мазмунан яқин бўлган) таълим йўналишига кўчириш мумкин. Масалан, Хоразмда доимий рўйхатда турадиган талаба Тошкентга ўқишини кўчира олмайди;
  • аризалар 2022 йил 1 ноябрдан 20 ноябрга қадар (шу куни ҳам) «my.dtm.uz» сайти («Россиядан ўқишни кўчириш» бўлими) орқали қабул қилинади;
  • талабаларнинг ҳақиқатда муайян ОТМда таҳсил олганлигини текшириш 2022 йил 25 ноябрдан 15 декабрга қадар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади;
  • талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат бериш бўйича қарор республика ОТМларининг идоравий бўйсунувидан қатъи назар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилинади;
  • фуқароларнинг Россиядаги муайян ОТМда ҳақиқатда ўқиётганлиги аниқланмаса уларнинг ўқиши кўчирилмайди;
  • ўқиши кўчирилган талабаларнинг ўқишини мос курсдан давом эттиришига истисно тариқасида рухсат берилади. Яъни фанлардан фарқи кўплиги учун пастки курсга кўчирилмайди. Бунда аниқланган фанлар фарқи 2022/2023 ўқув йили давомида бепул топширилади.

Аввалроқ Курскдаги ўзбекистонлик талабалар Украинадаги можаро фонида Мирзиёевга мурожаат қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси мамлакат фуқароларига мурожаат йўллаб, у ерни тарк этишни сўраганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: