20:42 | 01.11.22

                       

Шавкат Мирзиёев Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан учрашди

Учрашувда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди

Шавкат Мирзиёев 1 ноябрь куни Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари даражасида алмашинувларни давом эттириш, биргаликдаги ишбилармонлик ташаббуслари ва бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмларини самарали ишга солиш, маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, 2022 йил бошидан товар айирбошлаш 45 фоизга ошган. Жалб этилган инвестициялар ҳажми жорий йил якунига бориб 1 миллиард еврогача бўлади. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда Германиянинг 200 дан ортиқ етакчи компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Анналена Бербок Ўзбекистондаги демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастури Германия томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини қайд этди. Томонлар «яшил» иқтисодиёт, муқобил энергетика, инновациялар, ресурсни тежовчи ва экологик тоза технологияларни қўллаш, илғор таълим методикаларини жорий қилиш каби устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор экани  яна бир бор таъкидланди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Германия ТИВ бошчилигидаги делегацияни қабул қилиши ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: