10:45 | 02.11.22

                       

Музработ тумани собиқ ҳокимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда

ДХХ Музработ тумани собиқ ҳокими Эркин Алимовга нисбатан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг сентябрь ойида лавозимидан озод қилинган туманнинг собиқ ҳокими Эркин Алимовга нисбатан ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 167, 205 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Музработ тумани ҳокимлиги

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқлик киритилишича, у мазкур тумандаги умумий қиймати 1,7 миллиард сўм бўлган 4,2 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошларига расмийлаштириб берган.

Шунингдек, тумандаги банклар унинг яқин қариндошлари номларига турли мақсадларда 166 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратган бўлиб, уларнинг катта қисми муаммоли кредитга айланган. Ҳозирда банк муассасалари томонидан ўз вақтида тўловлари амалга оширилмаган 121 миллиард 406 миллион сўмлик кредит маблағларини ундириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖда олиб борилаётган тафтиш давомида аниқланишича, Эркин Алимов иштирокида қиймати 35 миллиард сўмлик 9,6 минг тонна дон талон-торож қилинган. Таъкидлаш лозимки, собиқ ҳоким 2010 —2017 йилларда ушбу жамият раҳбари лавозимида фаолият олиб борган. Ҳозирда жиноят иши бўйича жамиятнинг 20дан ортиқ масъул-мансабдор шахслари тергов ҳаракатларига жалб қилинган ва улар Эркин Алимовнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан кўрсатмалар бермоқда. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими ва унинг ўринбосарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: