9:07 | 03.11.22

                       

Ўзбекистонда тупроқсиз муҳитда озиқа етиштириш ускуналари хариди учун субсидия ажратилади

Керакли ускуналарни харид қилиш харажатларининг 20 фоизи республика буджетидан қоплаб берилади

Ўзбекистонда гидропоника усули (тупроқсиз сунъий муҳитда ўсимликларни етиштириш)да чорва молларига озиқа етиштириш ускуналарини харид қилган чорвачилик субъектларига субсидия ажратилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, гидропоника усулида озиқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи, ускуна қийматининг 100 миллион сўмдан ошмаган қисми республика буджетидан қоплаб берилади. Субсидия олиш учун «my.vetgov.uz» ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ҳудудий «Чорванасл» маркази туман вакилига мурожаат қилиш керак бўлади.

Аризага эса қуйидагилар илова қилинади:

  • ускуналарни ўрнатиш бўйича шартнома ва ҳисобварақ-фактура ҳужжатлари нусхаси;
  • ускуналар импорт қилинганда божхона юк декларацияси нусхаси.

Вакил аризани кўриб чиқиш учун туман комиссиясига тақдим қилади ва комиссия аризани кўриб чиқиб 5 иш кунида хулоса беради. Хулоса «my.vetgov.uz» орқали «Ўзбекчорванасл» агентлигига юборилади. Агентлик 1 иш кунида субсидия бериш ёки рад этиш тўғрисида ариза берувчини хабардор қилади.

Агентлик йил давомида субсидия олувчилардан тушган аризаларни умумлаштириб пул ажратиш учун Молия вазирлигига буюртма беради. Молия вазирлиги 1 иш кунида субсидияни ариза берувчининг ҳисобрақамига ўтказиб беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда пахта майдони учун субсидия ажратишнинг вақтинчалик тартиби белгилангани, томорқа ер эгаларини касаначилик билан банд қилган тадбиркорларга субсидия берилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда субсидия ажратилишини қатор ташкилотлар кўриб чиқиши тартиби бекор қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: