10:18 | 03.11.22

                       

Ўзбекистонда газдан қарздор иссиқхоналар олти ойгача пеня тўламайди

Президент иссиқхоначиларга енгиллик берувчи ҳужжатни имзолади

Ўзбекистонда газдан қарздор иссиқхоналар олти ойгача пеня тўламайди. Бу ҳақда Президент имзолаган «Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда қайд этилган.

Унга кўра, эндиликда иссиқхона хўжаликлари табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмагани учун 6 ой давомида қўшимча пеня тўламайди.

Шунингдек, қарорда келтирилишича, ушбу тартиб, истисно тариқасида, 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 апрелгача амал қилади.

Иссиқхона хўжаликлари тижорат банкларидан олган кредит ва уларнинг фоизларини маҳсулот пишиб-етилган даврда тўлаб бериши мумкин бўлади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев иссиқхоналарнинг газдан узилиш ҳолатини зудлик билан кўриб чиқишни буюргани тўғрисида хабар берилганди. 2021 йида Сурхондарёда фуқароларга иссиқхона қуриш учун ажратилган кредитни ўзлаштирган шахс қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда иссиқхона қуриш учун ажратилган қарийб 106 миллион сўм кредит талон-торож қилингани аниқланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: