9:56 | 03.11.22

                       

Андижонда Шуҳрат Абдураҳмонов билан учрашувда ўқувчилардан шукроналик билан жавоб бериш, муаммоларни гапирмаслик, кулиб туриш талаб қилинди

ХТВ масъулларни бундай аҳмоқгарчиликни тўхтатишга чақирди, вилоят ҳокимлиги эса ҳолатни рад этди

Андижонда ўқувчилар билан учрашишга бораётган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг саволларига мактаб ўқувчиларидан шукроналик билан жавоб бериш, свет ва газ муаммосидан гапирмаслик, кўзи ёниб, кулиб туриш талаб қилинди. Ушбу ҳолатга Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди.

Фото: Telegram
Фото: Telegram

Маълум қилинишича, ўқувчиларга мана бу ёзувдаги каби нарсаларни уқтириш, сингдириш йўли билан уларни Ўзбекистон келажагини қурадиган ёшлар қилиб тарбиялаб бўлмайди.

«Таълимда бундай инсонларнинг ишлаётганлиги ачинарли жуда ҳам. Аслида бола ўзидаги мавжуд муаммоларни айта олиши керак, қаердан биласиз, балки у оиласида зўравонлик қурбони бўлаётгандир ёки уни қийнаётган бошқа муаммолар бордир. Раҳбарларга ўзини яхши кўрсатиш учун амалга оширилаётган бундай ҳаракатлар билан эса бугун ўз қўлимиз билан келажагимизни барбод қиламиз! Бугун боладан мана бундай нарсани талаб қилаётганлар эртага яхшилик кутмасин!

Ўқитувчилик оддий касб эмас, бу касб, юрак чақирувидир — ўқитувчилардан бундай нарсаларни талаб қилманг, ҳурматли устозлар илтимос бундай талабларга қулоқ тутиб, келажак тақдири сизга боғлиқ бўлган навниҳолларни синдирманг!

Ҳоким Андижон фарзандларининг отаси экан, фарзанд отасига ўзини қийнаётган ҳар қандай масалани айтишга ҳаққи бор, отаси эшитмаган болани кўчада бегоналар эшитади, бу эса яхшиликка олиб келмайди. Ҳоким ҳам айнан шу учун ёшлар билан учрашгани келаётгани аниқ, бу йўл билан ўзингизни яхши кўрсатманг», дейилади хабарда.

Шунингдек, вазирлик масъулларни бундай аҳмоқона топшириқлар беришни тўхтатишга чақирди.

Шу билан бирга Андижон вилояти ҳокимлиги Халқ таълими вазирлиги матбуот котибининг Telegram каналидаги постига раддия билдирди.

Қайд этилишича, таълим муассасаларда таҳсил олаётган ўқувчи-ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни қизиқишларига қараб йўналтириш мақсадида Жалақудуқ тумани ҳокими Ҳикматилло Латипов иштирокида «Ҳоким ва ёшлар» учрашувлари, очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда.

«Лекин жорий йилнинг 2 ноябр куни ижтимоий тармоқларда тумандаги таълим муассасаларида ‘Ҳоким ва ёшлар’ учрашуви ўтказилиши юзасидан тарқалган хабарлар асоссиз бўлиб, тумандаги мактабларда ‘Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ўтказилиши белгиланмаган.

Қолаверса, ўқувчи-ёшлар билан очиқ-мулоқот тарзида ташкил этилиши режалаштирилган тадбирларда уларга фақатгина тадбирда одоб-аҳлоқ қоидалари риоя этишлари юзасидан тавсиялар берилишини ва ана шундай учрашувлар уларни фикрларини эркин баён этишлари учун ҳам ташкил этилиши таъкидланади.

Хулоса ўрнида, туман ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлимлари томонидан ижтимоий тармоқларда келтирилган топшириқларни берилмаганлигини маълум қилган ҳолда тумандаги барча мактаб жамоаларига, педагог-устозларига ўқувчиларини сифатли таълим олишлари йўлидаги фаолиятларини самарали олиб боришларини, турли асоссиз хабарлар муҳокамаларига берилмаган ҳолда фақат таълим жараёнлари билан шуғулланишларини сўраб қоламиз», дейилади вилоят ҳокимлиги раддиясида.

Ўз навбатида, Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам ҳолатга муносабатини билдириб, «Ҳалиям феодал замондамизми, деб ўйлаб қоласан киши: ҳоким халқнинг, ёшларнинг дардини эшитадиган раҳбар эмасми шунда?» — дея савол қолдирган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: