12:12 | 03.11.22

                       

Эрон ТИВ Саудия Арабистонига бўладиган ҳужум ҳақидаги даъволарни рад этди

Аввалроқ мамлакат аҳолини ички низолардан чалғитиш учун шундай йўл тутгани айтилганди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат Саудия Арабистонига нисбатан ҳарбий амалиёт бошлаши ҳақидаги даъволарни рад этди. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакили Носир Каноний Эрон ўзаро ҳурмат ва халқаро тамойиллар ва қоидалар доирасида яхши қўшничилик сиёсатини давом эттираётганини маълум қилган.

«Айрим Ғарб ва сионистик доираларнинг бундай нохолис хабарлари Ислом Республикасига қарши салбий муҳит яратиш ва минтақа давлатлари билан муносабатлардаги мавжуд ижобий тенденцияларни йўқ қилишга қаратилган», — деб иқтибос келтирган вазирлик матбуот хизмати.

Аввалроқ Саудия разведкаси Эрон яқин 48 соат ичида қиролликка ҳужум қилиши ҳақида хабар бергани маълум қилинганди.

Саудия Арабистони АҚШ билан разведка маълумотларини ўртоқлашган. Унда Эроннинг қиролликдаги нишонларга яқинда ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрондаги мақбарада содир бўлган отишмада 15 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Эрондаги сиёсий маҳбуслар сақланадиган қамоқхонада ёнғин чиққани маълум қилинганди.

Эронда 22 ёшли Маҳса Аминининг вафоти сабаб сентябрь ўрталарида бошланган норозилик намойишлари фонида содир бўлган. Қиз ҳижобни «нотўғри» ўрагани учун полиция томонидан ушланганидан кейин шифохонада вафот этган.

Сентябрь охирларига келиб, Эрон куч тузилмалари намойишчиларга қарши жанговар қуроллардан фойдаланишни бошлаган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, 25 октябрь ҳолати бўйича камида 234 киши ҳалок бўлган, уларнинг 29 нафари вояга етмаганлардир.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: