18:09 | 03.11.22

                       

Ўзбекистонда крипто-дўконлар фаолияти йўлга қўйилади

Мазкур тартиб Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган

Ўзбекистонда крипто-дўкон фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Қайд этилишича, 31 октябрь куни крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Мазкур қоидалар крипто-дўкон фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди. У ўз фаолиятини крипто-дўконнинг электрон платформаси ёки савдо объекти орқали амалга оширади.

Бунда қуйидаги операциялар амалга оширилади. Крипто-дўконнинг электрон платформаси орқали:

  • жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш ёки сотиш;
  • чет эллик жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни хорижий валютада сотиб олиш ёки сотиш;

Крипто-дўконнинг савдо объекти орқали:

  • жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш;
  • мижозлар томонидан крипто-активларни нақд пул кўринишида миллий ёки хорижий валютада сотиб олиш;
  • мижозлар томонидан крипто-активларни фақат миллий валютада сотиш.

Крипто-дўконда қуйидаги операцияларни амалга ошириш тақиқланади:

  • мажбурий идентификациядан ўтказилмаган мижозлар билан амалга ошириладиган операциялар;
  • Ўзбекистон резидентлари томонидан чиқарилган крипто-активлар билан операциялар;
  • аноним крипто-активлар ҳамда ўзаро ўзгармас токенларни сотиб олиш ёки сотиш операциялари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда криптоактивлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режими жорий этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев давлат активларини хусусийлаштиришни тезлаштириш бўйича топшириқ берганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: