9:58 | 04.11.22

                       

Тошкентда уч киши фуқарони уйига кириб дўппослади — видео

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура «Bugun.uz»га маълумот берди

Тошкентда уч нафар шахс фуқаронинг уйига бостириб кириб, уни уриб дўппослагани тасвирланган видео тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура «Bugun.uz»га маълумот берди.

Тезкор-суриштирув ишлари давомида аниқланишича, воқеа 2022 йилнинг 2 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги хонадонлардан бирида рўй бергани аниқланган.

Унга кўра, 1993 йилда туғилган фуқаро Д.А. бувисидан мерос қолган хонадонга келган вақтида, тахминан, соат 20:30 ларда 2000 йилда туғилган А.Р. унга қўнғироқ қилиб, ўзаро суҳбат давомида жанжаллашиб қолади. Шундан сўнг А.Р. ўзининг танишлари 1999 йилда туғилган И.М. ва 2005 йилда туғилган, мактаб ўқувчиси Ф.К. билан бирга келиб, фуқаро Д.А.нинг уйига кириб, уни дўппослаб, сўнгра телефонга олинган видеоёзувни ўзларининг Telegram’даги каналига жойлайди.

Шунингдек, фуқаро Д.А. олган тан жароҳатлари оқибатида шифокорга мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда аёл яқинлари томонидан оёқ-қўли боғлаб қўйилиб калтаклангани, Самарқандлик йигит 21 ёшли қизни ургани, Қашқадарёда йигит ва онаси амакилари томонидан калтаклангани  тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: