23:48 | 04.11.22

                       

Очарчилик хавфи юқори бўлган давлатларга ғалла бепул етказиб берилади

Эрдўғон Владимир Путин билан ўзаро келишиб олганини маълум қилди

Туркия раҳбари Режеп Таййиб Эрдўғон Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар чоғида Африкага ғаллани текин етказиб беришга қарор қилинганини айтди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.

Қайд этилишича, 3 ноябрь куни Туркия президенти янгиланган ғалла шартномаси бўйича доннинг биринчи партияси Сомали, Судан ва Жибутига жўнатилганини айтди.

«Путин билан бўлган музокараларимиз чоғида муҳтож давлатларга ғаллани текин юборишга келишиб олдик. Биз Россия президентининг фикрига қўшиламиз, Африка Қора денгиз дон йўлагидан фойдаланиши керак. Биз донли юк кемалари ҳозирда оғир озиқ-овқат инқирози ва очарчиликдан азият чекаётган мамлакатларга етиб боришини таъминлаймиз», — деди Туркия етакчиси.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, очарчилик хавфи юқори бўлган давлатларга ғаллани текинга етказиб бериш масаласи БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан бўлган учрашувда ҳам муҳокама қилинган. Шунингдек, Туркия президенти 13-14 ноябрь кунлари Балида бўлиб ўтадиган G20 саммитида Африкани таъминлаш борасида ҳам гаплашмоқчи эканлигини маълум қилди.

Аввалроқ Россия ташаббуси билан 29 октябрда ғалла савдоси тўхтатилганди. Россия Мудофаа вазирлиги бу қарорни Севастополдаги кемаларга дрон ҳужуми сифатида изоҳлади. Шундан кейин Туркия воситачилигида бўлиб ўтган музокараларда Россия 2 ноябрь куни келишувда иштирок этишни давом эттиришга рози бўлганини маълум қилди.

Аввалроқ БМТ, Украина ва Туркия «дон йўлаги» бўйлаб кемалар ҳаракати юзасидан келишиб олгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: