18:04 | 05.11.22

                       

Тошкент вилоятида маст ота ўғлини пичоқлади — видео

Суд жараёнида жабрланувчи отасининг ўзини билмайдиган даражада маст бўлганини таъкидлаган

Тошкент вилояти Пискент туманида маст эркак ўғлини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Пискент туманида 17 cентябрь куни ҳаддан зиёд спиртли ичимлик истеъмол қилган фуқаро П.А. аёли билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжалга қўшилган 20 ёшли ўғли И.А. келишмовчиликнинг жиддий тус олишига сабабчи бўлган.

Бундан ғазабланган П.А. ичкаридан ошхона пичоғини олиб чиққан ва унга қаршилик қилган ўғлининг қорин қисмига қасддан оғир тан жароҳати етказган. Оқибатда И.А. олган тан жароҳати билан Олмалиқ шаҳар шифохонасига ётқизилган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноий иш туман судида кўриб чиқилган. Икки томоннинг ўзаро ярашув муносабатлари инобатга олинган ҳолда П.А.га суд ҳукми ўқилган.

Унга кўра, П.А. Жиноят кодекси 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган.

Суд жараёнида жабрланувчи И.А. отасининг ўзини билмайдиган даражада маст бўлганини таъкидлаган ва уни кечирганини маълум қилган. Ўз ўрнида, айбланувчи П.А. қилмишига пушаймонлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ота 24 ёшли ўғлини пичоқлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода ота 10 ёшли ўгай ўғлини пичоқлагани маълм қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: