13:42 | 07.11.22

                       

Ўзбекистонда Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жорий қилинади

Бу бўйича Президент қарори қабул қилинди

«Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида таълим дастурлари халқаро рейтингда юқори бўлган хорижий ОТМ дастурига кўра шакллантирилади.

Ҳусусан, 2023/2024 ўқув йилидан қуйидагилар касбий (ижодий) кириш имтиҳонларини топширишдан озод қилинади ва уларга максимал балл берилади:

  • Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи фахрий унвонига эга спортчилар;
    Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ёки халқаро гроссмейстер спорт унвонига эга спортчилар;
  • Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери спорт унвонига эга спортчилар;
  • Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган спортчилар.

Жисмоний тарбия ва спорт йўналишларида 2023 йил 1 январдан Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жорий қилинади.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан «Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси» ихтисослиги бўйича педагогика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини берувчи Илмий кенгаш ташкил қилинади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: