15:52 | 07.11.22

                       

Фарғонада ИИБ ходимлари фуқарони «дубинка» билан урди — видео

Уларга нисбатан хизмат текшируви тайинланган

Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари фуқарони резина таёқ (дубинка) билан уриб, машинага мажбуран ўтказаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 4 ноябрь куни Қува тумани ИИБ профилактика инспектори М.Т ва С.Ж. лар «Пастки Хўжа Ҳасан» МФЙ ҳудудида фуқаро О.Й маст ҳолатда жамоат тартибини бузаётганлигини кўриб, шахсига ойдинлик киритиш ва мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувга боришни таклиф қилганда фуқаро О.Й уларга бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган.

Ходимлар «Ички ишлар тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддаси ҳамда Ички ишлар вазирининг «Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқ отар қуролни қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида» ги 55-сонли буйруғи талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқбузарлик ҳолатини бартараф этиш учун О.Й. га нисбатан махсус восита–резина таёқдан фойдаланишган.

Мазкур ҳолат шу куни тегишли тартибда рўйхатга олиниб, О.Й. нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 194-моддаларига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Фуқаро О.Й билан суҳбатлашилганда ҳақиқатдан ҳам ўша куни ўта маст ҳолатда бўлгани, ходимларга нисбатан қилган хатти- ҳаракатларидан афсусда эканлигини билдирган.

«Шунингдек, видеотасвирдаги ИИО ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган бўлиб, якунига кўра ҳуқуқий баҳо берилади», дейилади бошқарма хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада ИИБ ходимлари фуқарони калтаклаганди. Суд эса уларга нисбатан оқлов ҳукмини чиқарганди. Самарқандда маҳбус ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солингани юзасидан муносабат билдирилганди. Шунингдек, Хоразмда ИИБ ходимлари эркакни калтаклагани юзасидан текширув бошланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: