20:38 | 07.11.22

                       

Фарғонада ИИБга олиб кетилган 15 ёшли бола вафот этди

Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан муносабат билдирди

Фарғонада ИИБга олиб кетилган 15 ёшли бола бир кун ўтиб вафот этди. Вилоят прокуратураси бу бўйича расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, Учкўприк тумани, «Султон» МФЙ, Султон қишлоғида яшаган, 2007 йилда туғилган, вояга етмаган Р.А. 2022 йил 16 октябрда Бувайда тумани, Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган «Ансор» савдо мажмуасида ота-онасининг назоратисиз юргани ва ушбу мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида, ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, туман ИИБ бошлиғининг шу кунги қарори билан Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ ВEИҲЁКМга жойлаштирилган.

2022 йил 17 октябрь куни унинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетганлиги сабабли шаҳар тез-тиббий ёрдам ходимлари чақирилган, бироқ, тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига «бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши» сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 2022 йил 18 октябрь куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан ИИБ ЖХХ ҲПБ ВEИҲЁКМ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани хабар берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада ИИБ ходимлари фуқарони калтаклаганди. Суд эса уларга нисбатан оқлов ҳукмини чиқарганди. Самарқандда маҳбус ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солингани юзасидан муносабат билдирилганди. Шунингдек, Хоразмда ИИБ ходимлари эркакни калтаклагани юзасидан текширув бошланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: