14:46 | 08.11.22

                       

Жиззахда ҳоким ёрдамчиси 2 минг доллар пора билан ушланди

У ДХХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида ҳоким ёрдамчиси 2 минг доллар пора билан ушланди. У Давлат хавфсизлик хизмати хадимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Маълум қилинишича, ДХХ хадимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Оқтош ота» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган А.М. фуқароларга қурилаётган 10 та иссиқхонанинг қурилиши битказилмаганини била туриб, мазкур иссиқхоналар учун жами 330 миллион сўм миқдордаги пулларни тадбиркор бошқарувидаги масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига ўтказилишида ёрдам беришини айтган.

Бунинг учун у туман ҳокимининг биринчи ўринбосари розилиги кераклигини, унга минг доллар ва ўзига минг доллар пулларни берган тақдирда масалани ҳал қилиб беришини ваъда қилган.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчиси тадбиркордан талаб қилган 2 минг долларни 2022 йилнинг 17 октябрь куни Шароф Рашидов туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаси олдида ўзига тегишли Nexia русумли автомобиль салонида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ Зангиотада маҳаллабай ишлаш бўйича ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланганди. Шунингдек, Самарқандда пора билан ушланган ҳокимлик ходими ёнидан гиёҳванд модда топилгани айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: