14:54 | 09.11.22

                       

Ўзбекистонда архитектура-қурилиш соҳасида 2 та университет ташкил этилди

Мазкур университетларга 2023 йил 1 январдан бошлаб академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади

«Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Қарорга кўра:

  • Тошкент архитектура-қурилиш институти Тошкент архитектура-қурилиш университети сифатида қайта ташкил этилиб, у муҳандислик, архитектура, қурилиш ҳамда қурилиш материаллари технологиялари йўналишларига ихтисослаштирилади;
  • Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети сифатида қайта ташкил этилиб, маданий мерос объектларини тиклаш, дизайн, архитектура, қурилиш, урбанизация ва муҳандислик йўналишларига ихтисослаштирилади.

Университетларда ўқув жараёнлари давлат, инглиз ва бошқа хорижий тилларда кредит-модуль тизими асосида олиб борилади ва илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширишга йўналтирилган Олий илм-фан мактаби ташкил этилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб университетларга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади.

Университетлар тузилмасида стратегик ривожлантириш бўйича биринчи проректор лавозими жорий этилади.

Шу билан бирга, 2023 йил 1 мартга қадар бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини халқаро таълим ва касб классификаторларига мувофиқ мақбуллаштирилади.

Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Технопарк, Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузурида Инкубация маркази ташкил этилади.

Аввалроқ Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти, Фарғонада халқаро институт ташкил этилиши, Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиалида учта янги йўналиш очилиши тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: