22:57 | 09.11.22

                       

Водийнинг айрим ҳудудларида электр таъминотига чекловлар киритилмоқда

Тизимда юзага келиши мумкин бўлган катта аварияларни олдини олиш мақсадида чекловлар киритилаётгани маълум қилинди

Водий вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши натижасида магистраль газ қувурларида табиий газ босимининг пасайиши кузатилмоқда. Натижада, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида мазкур станция томонидан электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келмоқда.

Хабарда айтилишича, энергетика тизимининг барқарор ишларишини таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган катта авариялар ҳамда узилишларни олдини олиш мақсадида водий вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритишга мажбур бўлинмоқда.

«Ҳозирги пайтда мутахассислар томонидан юзага келган ушбу муаммони бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев маҳаллаларда электр энергиясини яхшилаш тўғрисидаги қарорни имзолагани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: