10:43 | 10.11.22

                       

Тошкентда айрим ҳудудлар электр энергияси таъминотидан вақтинча узилди

Бу куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, аварияли узилишларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда

Тошкент шаҳри Олмазор, Шайхонтоҳур ҳамда Бектемир туманларидаги айрим ҳудудлар 10 ноябрь, пайшанба куни электр энергияси таъминотидан вақтинча узилди. Бу ҳақда «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятининг ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, истеъмолчиларга электр энергиясини сифатли ҳамда ишончли етказиб бериш, юзага келиши мумкин бўлган аварияли узилишларни олдини олиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида ҳамда туман электр таъминоти корхоналари томонидан ҳудудларда паст кучланишли электр узатиш тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш, жорий ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Шу сабабли қуйидаги ҳудудлардаги аҳоли яшаш хонадонларида электр энергиясидан вақтинчалик узилишлар кузатилади:

  • Олмазор туманининг: «Олимпия», «Зиё», «Чимбой» маҳаллаларининг аҳоли яшаш хонадонларида ҳамда «Талабалар шаҳарчаси» ҳудудида;
  • Шайхонтоҳур туманининг: «Жарариқ», «Янги Белтепа», «Белтепа», Ибн Сино ҳамда Фаробий маҳаллаларида;
  • Бектемир туманининг: «Йик ота», «Гулбоғ» ҳамда «Тинчлик» маҳаллаларининг аҳоли яшаш хонадонларида электр энергияси вақтинчалик ўчирилади.

Аввалроқ Тошкент шаҳридаги Яккасарой ва Миробод туманларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани туфайли 6 октябрь куни баъзи ҳудудлар вақтинча газ таъминотидан узилиши тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, сентябрь охирида Яшнобод тумани аҳолиси сув таъминотидан вақтинча узилган, Яккасарой ҳамда Яшнобод туманларидаги аҳоли яшаш хонадонларида электр энергияси 6 октябрь куни соат 09:00 дан 17:00 қадар вақтинчалик ўчирилган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: