14:12 | 11.11.22

                       

АҚШ Россияни «бозор иқтисодиётига эга давлат» мақомидан маҳрум қилди

Бунга Россия иқтисодиётига ҳукуматнинг «кенг» аралашуви сабаб бўлган

АҚШ Савдо вазирлиги Россияни «бозор иқтисодиётига эга давлат» мақомидан маҳрум қилди. Бу ҳақда идора баёнотига таяниб, Reuters хабар берди.

Фото: U.S. Department of Commerce

Қайд этилишича, бу каби қарор қабул қилинишига Россияда давлатнинг иқтисодиётга «кенг» аралашуви сабаб бўлган.

«Ушбу қарор Қўшма Штатларга Россия ҳукуматининг ўз иқтисодиётига аралашуви кучайиши натижасида юзага келган бозор бузилишларига қарши курашиш учун АҚШнинг антидемпинг қонунларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини беради», — дейилади хабарда.

АҚШда бозор иқтисодиётига эга давлат мақомини олиш учун ушбу мамлакат 1930 йилда қабул қилинган Америка қонунидаги қатор талабларга жавоб бериши лозим. АҚШ Россияни бозор иқтисодиётига эга давлат сифатида 2002 йилда тан олган. Бу орадан 10 йил ўтиб Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши йўлидаги муҳим қадам бўлган.

2021 йилда АҚШ Савдо вазирлиги Россияни бозор иқтисодиётига эга мамлакат мақомидан маҳрум қилиш ғоясини кўриб чиққан, бироқ ўшанда бундай қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилинганди.

Аввалроқ АҚШ Украинага 400 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилгани, Россия ҳарбийларига Херсондан чекиниш буюрилгани, Янги Зеландия Россияга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтиргани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: