15:21 | 11.11.22

                       

БААда Лас-Вегасдагидан каттароқ биринчи казино қурилиши тасдиқланди

Амирлик ҳозирда қимор секторини тартибга солиш учун маҳаллий қонунчиликни яратмоқда

Бирлашган Араб Амирликлари мамлакатда биринчи казино очилишини тасдиқлади, у Рас ал-Хаймадаги Wynn Marjan курортининг бир қисмида жойлашади. Бу ҳақда Arabian Business хабар берди.

Фото: Squareyards

Қайд этилишича, амирлик ҳозирда Сингапур ва Америка қоидаларига асосланган қимор секторини тартибга солиш учун маҳаллий қонунчиликни яратмоқда. БААдаги қиморхона Лас-Вегасда фаолият кўрсатувчи казинодан икки баравар катта бўлади. Унинг майдони 18,5 минг квадрат метрни ташкил қилади ва 2026 йилда очилиши режалаштирилган.

Дубай ўз ҳудудида қимор ўйинларини ташкил этишга ҳозирча рухсат беришни режалаштирмаётгани ҳақида аввалроқ маҳаллий Туризм ва савдо маркетинг корпорацияси раҳбари Иссам Казим хабар берганди. Бу эълон Дубайда 2018 йилдан бери фаолият юритиб келаётган беш юлдузли Caesars Palace курортида казинолар очилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар фонида пайдо бўлган.

Эслатиб ўтамиз, октябрь охирларида Саудия Арабистони пойтахтида Хеллоуин байрами муносабати билан билан биринчи марта уч кунлик фестиваль ташкил этилганди. Тадбир меҳмонлари байрамга мос қўрқинчли персонажлар костюмларини кийиб юрган. Танқидчиларга кўра, бу нафақат Саудия маданиятига ёт байрам, балки Ғарб анъаналарида мавжуд бўлган ўлим ва некрофилия култини оммалаштириш ҳисобланади.

Аввалроқ Саудия Арабистони ўз аэропортларининг duty free ҳудудларида алкоголли ичимликлар савдосига рухсат беришни режалаштираётгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: