10:46 | 14.11.22

                       

Ўзбекистон энерготизимида блэкаут хавфи юзага келиши мумкинлиги айтилди

Шу боис жойларда электр энергияси таъминоти соатбай узатилмоқда

Ўзбекистонда 9 ноябрдан бошлаб иссиқлик электр станцияларида ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келган. Бу ҳақда МДМ директорининг ижтимоий тармоқларда тарқалган хатида келтирилган.

Фото: «Bugun.uz»

Ижтимоий тармоқларда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Миллий диспетчерлик маркази (МДМ) директори Музаффар Бобоевнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари, «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси бошқарув раиси, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзенергоинспекция»га юборган хати тарқалди. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Gazeta.uz»га ушбу хатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган.

Фото: Telegram / Trolluz

Хатда таъкидланишича, 9 ноябрдан бошлаб иссиқлик электр станцияларида ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келган. Электр станцияларига 12 ноябрь куни келишилган жадвалга нисбатан 350 минг куб метр (12 МВт электр энергияси эквивалентида) камроқ газ етказиб берилган.

Тошкент ИЭСга 50 минг куб метр газ етказиб берилган бўлиб, бу келишилган жадвалдан 270 минг куб метрга кам. Станцияда энергоблоклар технологик параметрлари меъёр кўрсаткичларидан тушиши ва ускуналар шикастланишининг олдини олиш мақсадида 1-сон буғ-газ қурилмаси (360 МВт) ва икки энергоблок тўхтатилган.

Оқибатда станцияда умумий электр энергияси ишлаб чиқарилиши мазут ёқилғиси ёқиш ҳисобига 500 мегаваттгача (белгиланган режадан 600 МВт кам) тушиб кетган. Электр энергияси балансини таъминлаш ва энергетика тизимида оғир оқибатли йирик фавқулодда авария ҳолатлари (блэкаут) юзага келишининг олдини олиш мақсадида ҳамда туман электр таъминоти корхоналари томонидан 6,10 кВ тармоқлардан киритилаётган чекловлар самарасизлиги сабабли МДМ махсус жадвалга асосан юқори кучланишли тармоқларни ўчирган. Бу чора электр энергияси истеъмоли камайтириш имконини берган.

«Юзага келган фавқулодда вазият сабаб тизимда оғир оқибатли авария ҳолатларини олдини олиш ҳамда истеъмолчилар таъминотида тартибсиз узилишларни бартараф этиш мақсадида 12 ноябрдан бошлаб алоҳида топшириқ бўлганга қадар МДМ томонидан берилаётган соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий бажаришингиз сўралади. МДМинг минтақавий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан электр талаб қилинган қийматларга тушириш бўйича берилган топшириқларни бажармаслик Марказий Осиё ягона электр энергетикаси тизимида Ўзбекистон энерготизимининг айби билан йирик оқибатли аварияларга сабаб бўлиши мумкин», дейилади марказ хатида.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда электр таъминотидан оммавий узилиш юз берган эди. Ушбу аварияни ўрганиб чиққан давлатлараро комиссиянинг март ойида эълон қилинган хулосасида январдаги блэкаут Ўзбекистон энерготизимидаги узилиш оқибатида юз бергани кўрсатиб ўтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: