1:09 | 16.11.22

                       

Польша ҳудудига Россиянинг иккита ракетаси келиб тушгани айтилди — видео

Россия Мудофаа вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди

Украина билан чегарадан беш километр узоқликда жойлашган Полшанинг қишлоғига ракета келиб тушди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Украина билан чегарадан беш километр узоқликда жойлашган Польшанинг Пржеводув қишлоғидаги дон қуритгичларга иккита ракета келиб тушди. Натижада икки киши ҳалок бўлди. Воқеа жойида полиция, прокуратура ходимлари ва ҳарбийлар ишламоқда.

Польша расмийлари ракета ҳужуми ҳақидаги маълумотга расман изоҳ бермади. Қутқарувчилар Пржеводовда портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Шунингдек, АҚШ разведка хизматининг юқори мартабали ходими Associated Press агентлигига Россия ракеталари НАТО аъзоси Польша ҳудудига ўтиб кетиши оқибатида икки киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Польша ҳукумати матбуот котиби Пиотр Мюллернинг маълум қилишича, мамлакат бош вазири Матеуш Моравецки ҳукуматнинг хавфсизлик ва мудофаа қўмитасининг фавқулодда йиғилишини «инқирозли вазият туфайли» чақирди.

«Тасдиқланмаган маълумотни ҳозирча эълон қилмасликка чақираман, биз ҳозир бўлиб ўтадиган учрашувдан сўнг бунга изоҳ берамиз», – дейди Польша ҳукумати матбуот котиби Пиотр Мюллер.

Польша оммавий ахборот воситаларининг тасдиқланмаган маълумотларига кўра, Польша ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётларни ҳавога кўтарган.

Россия Мудофаа вазирлиги тарқалаётган хабарларга муносабат билдириб, Польша ҳудудига келиб тушган ракеталарни Россияга алоқадорлигини рад этди.

«Украина-Польша чегарасидаги ҳеч бир нишонларга Россиянинг нишонга олиш воситалари томонидан зарба берилмади. Польша ОАВлари томонидан Пржеводув аҳоли пунктидаги воқеа жойидан эълон қилинган парчалар Россиянинг нишонга олиш воситаларига тааллуқли эмас», – дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: