14:24 | 28.11.22

                       

Нукус воқеалари бўйича суд қилинаётганлар орасида ИИБ бўлим бошлиғи ҳам борлиги маълум бўлди

У «оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича айбланмоқда

Бухоро вилоят судида 1—2 июль кунлари Нукусда содир бўлган тартибсизликларда қатнашган 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошлангани тўғрисида хабар берилганди.

Маълум қилинишича, айбланувчилар орасида Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси бўлими бошлиғи Полат Шамшетов ҳам бор. У Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 1 июль куни соат тахминан 15:00 дан бошлаб айрим фуқаролар шаҳар Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирганди. Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси 2 июль куни мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Унга кўра, популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғган.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга етиб борди. Президент у ерда Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари унда Ўзбекистон Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлаган.

Қорақалпоғистонда 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон Республикаси коменданти этиб тайинланди. Ҳудудга кириш ва чиқиш чекланган. Барча оммавий тадбирлар тақиқланган.

Шунингдек, ҳудудга Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг куч ва воситалари жалб этилган. Вазирлар Маҳкамаси маҳкаманинг захира фонди ва бошқа давлат манбаларидан фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун зарур маблағларни ажратиши белгиланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: