20:27 | 28.11.22

                       

Шавкат Мирзиёев Володин бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди

Вячеслав Володин Шавкат Мирзиёевга Путиннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди

Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги Россия парламент делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Учрашув аввалида Вячеслав Володин давлатимиз раҳбарига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди», – дейилади хабарда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, кейинги йилларда парламентлараро мулоқотлар жадал суръат касб этгани, Ўзбекистон ва Россия ҳудудларида янги форматдаги – икки мамлакат парламентларининг палата ва қўмиталари раҳбарлари даражасида учрашувлар ўтказиш амалиёти жорий қилингани алоҳида қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, янги ташкил этилган Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия фаолияти икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда қонунчилик фаолиятини ташкил этиш соҳасида тажриба алмашишни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

«Иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий натижалари мамнуният билан қайд этилди. Жорий йилнинг бошидан буён икки томонлама товар айирбошлаш учдан бирга ошди. Россия инвестицияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда нефть-газ, энергетика, кон-металлургия, қишлоқ хўжалиги тармоқларида қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ишблармонлик алоқалари изчил кенгайиб бормоқда.

Маданий-гуманитар йўналишда, энг аввало, олий ва ўрта таълим ҳамда туризм соҳаларида самарали ҳамкорлик ривожлантирилмоқда» , – дейилади хабарда.

Учрашув сўнггида Россия делегацияси аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, ёшлар тарбияси, соғлиқни сақлаш салоҳиятини ошириш, шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмасини модернизация қилиш борасида рўй берган ўзгаришларни юксак баҳолади.

Аввалроқ Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин Ўзбекистонга келиши ҳақида хабар берилганди

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: