11:45 | 29.11.22

                       

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иттифоқини тузиш ҳақидаги гапларга ойдинлик киритилди

Қозоғистон президентининг матбуот хизмати Тўқаевнинг баёнотига изоҳ берган

Қозоғистон президентининг матбуот хизмати Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Россия ва Ўзбекистон билан уч томонлама иттифоқ тузиш тўғрисидаги гапларига изоҳ берди.

Фото: «Коммерсантъ»

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг уч томонлама иттифоқида иштирок этиш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирганди.

«ОАВдан давлат раҳбарининг Москвага ташрифи бўйича айрим саволлар келиб тушмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қозоғистон ва Россия президентларининг Кремлда бўлиб ўтган музокаралари чоғида Россия газини Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали ташиш ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан иборат ‘уч томонлама газ иттифоқи’ни ташкил этиш ҳақида гап кетган эди. Президентлар Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ушбу масалага оқилона ечим топиш учун учта давлат экспертлари иштирокида музокаралар олиб бориш зарур деб ҳисоблайди», — дейди Қозоғистон президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай.

Маълумот учун, Қозоғистон президентлигига иккинчи муддатга қайта сайланган Қосим-Жўмарт Тўқаев биринчи расмий давлат ташрифи билан Россияда бўлиб турибди.

Аввалроқ, Ўзбекистон ва Қозоғистон иттифоқ тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: