19:21 | 29.11.22

                       

Андижонда соат 21:00 дан кейин электр энергиясидан фойдаланмаслик сўралди

Бу орқали вилоятда электрни тежаш мақсад қилинган

«Андижон ҲEТК» АЖ вилоятда 21:00 дан кейин электр энергиясидан фойдаланмасликни сўради. Бу ҳақда «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг расмий Telegram саҳифасида маълум қилинди.

Қайд этилишича, «Андижон ҲEТК» АЖ таркибидаги барча туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари масъул ходимлари электр энергияси тежамкорлигига таянган ҳолда аҳолига етарлича таъминот етказиш вазифаларига киришган.

Масъуллар томонидан ҳудудларда бемақсад фойдаланилаётган чироқларни ўчириш назоратга олинган.

Шу муносабат билан, барча ташкилот ва бўлимлар, муассаса ва марказлар, тадбиркорлик субъектлари, МФЙ идоралари ва бошқалардан соат 21:00 дан кейин кўчаларни ёритиш чироқлари, иш куни якунланган бинолар чироқларини ўчирилиши, шунингдек, турли ускуна ва дастгоҳлардан фойдаланилмаётган вақтда электрдан тўлиқ узиб қўйиш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон энерготизимида блекаут хавфи юзага келиши мумкинлиги айтилганди. Бухорода электр таъминоти кунига 8 соатгача ўчирилиши мумкинлиги хабар қилинган. Энергетика вазири ўринбосари Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар сабабини маълум қилганди. Аввалроқ Тошкент кўчаларидаги ёритиш чироқларини ўчириш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган. Халқ демократик партияси узиб қўйишлар учун жарима тўланиши ёки зарар қопланиши кераклигини айтганди. Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўлиқ тиклаганди. Украинада эса электр энергиясидаги узилишлар мамлакатдаги туғилиш даражаси ўсишига хизмат қилиши мумкинлиги маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: