17:27 | 07.12.22

                       

Навоийда гашиш билан қўлга тушган эркак ИИБ ходимига пора таклиф қилди

Порани олмаган ходим раҳбарият томонидан тақдирланди

Навоийда ички ишлар органлари тезкор ходимига пора таклиф қилган шахс ИИВ шахсий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Қайд этилишича, Самарқанд мунтазам йўл патруль хизмати масканида хизмат олиб бораётган Кармана тумани ИИБ ЖҚБ тезкор вакили Б.Раҳимов томонидан 28 ноябрь куни соат 12:00 ларда фуқаро К.М. ёнидан гашиш ва героин гиёҳвандик моддаларини олиб ўтаётгани аниқланиб, тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Шундан кейин К.М. жиноят иши ҳужжатларини «босди-босди» қилиш ва уни қўйиб юбориши учун тезкор ходимга 1000 доллар миқдорида пора таклиф қилган. Ходим Б.Раҳимов мазкур ҳаракатлар қонунга зид экани ҳамда ҳолатни оғирлаштиришга олиб келишини айтса ҳам пора таклиф қилишда давом этган. Тезкор ходимнинг билдиргисига асосан шахсий хавфсизлик ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Н.М. айтилган пуллардан 500 доллар ҳамда 498 минг сўмини бераётган вақтда далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабги тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тезкор ходим коррупцион жиноятнинг олдини олишда қўшган ҳиссаси учун бошқарма бошлиғининг буйруғи билан пул мукофоти билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Самарқанд вилоятида 2 минг доллар порани олмаган Ички ишлар ходимига 15 миллион сўм пул мукофоти топширилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: