20:14 | 07.12.22

                       

Ўзбекистонда бир қатор раҳбарларга хайфсан интизомий жазоси берилди

Улар орасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси ва «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқаруви раисининг ўринбосарлари бор

Ўз вазифасига масъулият билан ёндошмаган корхоналар раҳбарларига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Энергетика вазирлигида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, прокуратура органлари ҳамда тизим корхоналари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича тузилган махсус штабнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

«Унда ҳозирги кунда энергия ресурслари таъминотидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, бу борада олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди. Йиғилишда махсус штаб ташкил этилганига қарамай, жойлардаги ҳудудий штабларнинг фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаганлигига алоҳида урғу берилди», – дейилади хабарда.

Йиғилишда айрим масъул раҳбарларнинг долзарб муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишда ишларни тўғри ташкил қилмаётганлиги, бунинг натижасида тизимда кўплаб техник носозликлар содир бўлаётгани, электр таъминотида чекловларни киритишда белгиланган тартибларга риоя этилмаётгани истеъмолчиларнинг эътирозларига сабаб бўлаётганлиги қаттиқ танқид қилинди.

Ўз вазифасига масъулятсизлик билан қарагани ва бошқа камчиликларга йўл қўйганлиги учун «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исакулов, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Рўзиқул Райимов, «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» филиали директори Анвар Музапов ва «Тошшаҳарнур» ДУК директори Умидбек Ражабовга ҳайфсан берилди.

Шунингдек, йиғилишда ёқилғи-энергетика тармоғидаги муаммоларни бартараф этишда кўрилаётган чора-тадбирларни виждонан амалга ошириш кераклиги таъкидланди.

Аввалоқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси нархларни сунъий равишда ошириш ҳолати аниқланган тақдирда мансабдор шахсларга чора кўрилишини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: