19:04 | 13.12.22

                       

Ўзбекистонда Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ўқитувчиларга устама тўланади

Bugun.uz устама олиш тартиби бўйича батафсил маълумот беради

Ўзбекистонда 16 декабрь куни Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устамага даъвогар педагогларнинг саралаш жараёнлари ўтказилади. Bugun.uz мазкур синов жараёнлари билан боғлиқ саволлар юзасидан вазирлик билан боғланди.

Маълум қилинишича, синов 2 босқичда амалга оширилади.

  • 1 босқичда халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, яъни ҳокимликлар томонидан киритилган номзод-ўқитувчилар «Бошланғич таълим», «Аниқ ва табиий фанлар», «Хорижий тиллар», «Ижтимоий фанлар» ва «Амалий фанлар» йўналишлари бўйича бевосита Давлат тест маркази томонидан тегишли ҳудудларда синовдан ўтказилади.
  • 2 босқичга ушбу синовларда максимал баллнинг 80 фоизи ёки ундан юқори натижа кўрсатган номзодлар ўтади ва уларнинг касбий маҳорати фаол жамоатчилик вакиллари ва маҳоратли педагоглардан иборат ишчи гуруҳ томонидан баҳоланади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан таълим сифати кўрсаткичларига асосан ҳудудлар учун маълум квоталар белгиланган. Бунда умумий ўрта таълим муассасаларининг битирувчиўқувчилари томонидан тегишли ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларига, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонларида қайд этган натижаларига мувофиқ квота тақсимланди. Ўтказилаётган танловда жами 2000 нафаргача лауреат белгиланиши мумкин. Ушбу квотага ҳар битта йўналиш бўйича тегишли туман (шаҳар) учун белгиланган ҳар битта квота ўрнига кўпи билан учта номзодни тақдим этди.

Шу билан бирга, синов натижасида лауреатлар сони квотани тўлдирмаса, 2023 йилда қўшимча номзодлар орасида танлов ўтказилиши мумкин.

«Тўловлар учун маблағлар вазирлик томонидан ҳудудларга (вазирлик вилоятларга, вилоятлар туманларга) ўтказиб берилади, туманлар томонидан ҳар ой ходимларга устамалар тўлаб берилади. Жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган барча харажатлар Халқ таълими вазирининг буйруғи билан амалга оширилади. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан назорат Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади», — дейди Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова.

Таъкидланишича, коррупцияга йўл қўймаслик мақсадида белгиланадиган устамалар 2 босқичдан иборат саралаш натижаларидан келиб чиқиб, вазирликнинг буйруғи билан тасдиқланади. Буйруқда кўзда тутилмаган ходимларга устамалар тўланмайди.

«Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устамага даъвогар педагоглар халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари раислари (ҳокимлар) томонидан киритилади, яъни амалдаги қонунчиликка биноан ариза асосида мустақил мурожаат қилмайди. Саралашдан ўта олмаган ўқитувчилар кейинги танловларда ҳудудий кенгашлар раислари тавсиясига кўра қатнашииши мумкин», — дейди Лайло Рустамова.

Маълумот учун, имтиҳонлар 2022 йил 16 декабрь куни барча ҳудудларда бўлиб ўтади. Ойлик устама ҳақи Халқ таълими вазирининг тегишли буйруғи чиққан вақтдан бошлаб 9 ой давомида тўлаб борилади. 

Аввалроқ Ўзбекистонда айрим тиббиёт ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш тартиби белгиланиши ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: