22:42 | 13.12.22

                       

Бухорода умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита шамол электр станцияси ишга туширилади

Бунинг учун ЕТТБ Ўзбекистонга 520 миллион доллар ажратади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонга умумий қиймати 520 миллион АҚШ долларига тенг иккита синдикатлаштирилган кредит ажратади. Бу ҳақда банк расмий веб-сайтида маълум қилинди.

Фото: Европа тикланиш ва тараққиёт банки

Қайд этилишича, жамғармалар Ўзбекистонда 500 МВт қувватга эга иккита шамол электр станциясини молиялаштиради. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш ва кам углеродли технологияларга сармоя киритишда давом этмоқда , бу эса мамлакатнинг энергетика соҳасини ривожлантиришни Париж келишуви бўйича ўз мажбуриятларига мувофиқлаштиришга ёрдам беради.

Банк Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита шамол электр станциясини қуриш ва ишга туширишга кўмаклашиш учун 520 миллион АҚШ доллари миқдорида иккита синдикатлаштирилган кредит ажратди. Молиялаштириш ЕТТБнинг ўз минтақалари бўйича ҳозирги кунга қадар қайта тикланадиган энергия бўйича энг йирик лойиҳасидир.

Банкнинг Бош шамол электр станциясига (WPP) 277 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредити ЕТТБнинг шахсий ҳисобига 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги А кредити ва тижорат кредиторларига синдикатланадиган 127 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Б кредитидан иборат бўлади. Янги шамол электр станцияси йилига 1650 ГВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради ва йиллик карбонат ангидрид чиқиндиларини 930 000 тоннага камайтиришга ёрдам беради.

ЕТТБнинг Жанкелди ГEСга 243 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредити банк ҳисобидаги 150 миллион АҚШ доллари қийматдаги кредитдан иборат бўлади, қолган 93 миллион АҚШ доллари эса тижорат банкларига синдикатланади. Бу электр станцияси йилига 1550 ГВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради ва йиллик карбонат ангидрид чиқиндиларини 890 000 тоннага қисқартиришга ёрдам беради.

Bash Wind ҳам, Dzhankeldy Wind ҳам  ACWA Power компаниясига тегишли махсус лойиҳа компаниялари бўлиб, халқаро ишлаб чиқувчи, инвестор, энергия ишлаб чиқариш ва шўрсизлантирилган сув ишлаб чиқариш заводлари портфелининг ҳам эгаси ва оператори ҳисобланади.

Икки лойиҳа, шунингдек, Германиянинг  Deutsche Investitions und Entwicklungsgesellschaft ривожланиш молия институти, Франциянинг  Proparco тараққиёт агентлиги, Standard Chartered Bank ва бошқа банклар томонидан биргаликда молиялаштирилади

Илғор халқаро амалиётга мувофиқ, электр станциялари шамол турбиналари билан тўқнашув хавфи остида бўлган турларни кузатиш ва аниқлаш учун сунъий интеллект (AI) асосидаги юқори аниқликдаги стереокамера (HRSC) тизими – Identiflight технологиясидан фойдаланади. Агар тўқнашув эҳтимоли бўлса, тизим танланган турбиналарни автоматик равишда ўчиришни ишга туширади.

Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш режаси 2030 йилгача 12 ГВт қуёш ва шамол қувватларини ривожлантиришни мақсад қилган. Ушбу лойиҳалар ЕТТБнинг мамлакатдаги қайта тикланадиган энергия портфелига муҳим қўшимча бўлиб, Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиётига ўзининг улкан мақсадини амалга оширишда ёрдам беради.

Лойиҳалар Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорликда ишлаган узоқ муддатли карбонсизланиш стратегиясини амалга оширишга ҳисса қўшмоқда, бу 2050 йилгача углеродсиз энергия секторига эришиш режасини қўллаб-қувватлайди.

Бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистон бўйлаб 121 та лойиҳага салкам 3,71 миллиард евро сармоя киритган. Тарихан банкнинг молиялаштириши Марказий Осиёда 2,85 ГВт янги қайта тикланадиган қувватни яратишга ёрдам берган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонтон метан бўйича глобал келишувга қўшилган ва ЕТТБ мамлакатга метан эмиссияси миллий дастурини ишлаб чиқишга ёрдам бериши айтилганди. Ўзбекистонда ЕТТБ билан ҳамкорликда давлат хусусий шериклик лойиҳаларини ривожлантириш жамғармаси тузилганди. ЕТТБ Ўзбекистон энергетика тизимини такомиллаштиришга қарийб 50 миллион доллар ажратиши, маблағлар эвазига Хоразм ва Бухоро ўртасида электр ўтказиш линияси қурилиши ҳақида хабар берилганди. ЕТТБ билан ҳамкорликда водий вилоятларида насос станцияларини модернизация қилиш режалаштирилаётгани айтилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: