9:04 | 15.12.22

                       

Навоийда электрон ҳисоблагични ўзгартирган газ «заправка» 1,5 млрд сўмлик зарар етказди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган

Навоий шаҳрида жойлашган газ «заправка»лардан бири электрон ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказгани аниқланди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «Навоий Боғи Эрам» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасидаги электрон газ ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилганлик ҳолати юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи томонидан жиноий иш очилган. Ноқонуний фойдаланилган табиий газ ҳажми 1,548 минг куб метрни (1,548 миллиард сўм) ташкил этган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани, Ойдин кўчаси, 34-уйда яшовчи фуқаро А.С. томонидан 300 дона 10 литр ҳажмдаги пластик идишларда 2 995 литр дизель ёнилғиси ҳамда шу кўчанинг 26-уйида яшовчи фуқаро У.Р. томонидан 101 дона 10 литр ҳажмдаги пластик идишларда (80 донаси солярка, 21 донаси автобензин) 800 литр дизель ёнилғиси ва 200 литр автобензин сақлаган ва уларни ноқонуний равишда сотиб келаётгани аниқланган.

Миробод тумани, Амир Темур кўчаси «Universal Bank» биноси олдида эса фуқаролар Ш.И. ва М.Р. кичик юк автомашинасида 1 000 литр дизель ёқилғисини қонунга хилоф равишда сотаётган вақтида ушланган.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятидаги ғишт заводи газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқлангани, Фарғонадаги заводнинг газдан узилишига норозилик билдирганлар қамалгани, Ўзбекистонда газдан қарздор иссиқхоналар олти ойгача пеня тўламаслиги тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Андижонда газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланган оҳак ишлаб чиқариш корхоналари аниқланган, «Ҳудудгазтаъминот»нинг Тошкент вилояти филиали директори қамоққа олинган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: