20:00 | 19.12.22

                       

Электромобиль ва гибрид автомобиллар 2030 йилгача божхона божидан озод этилди

Президент тегишли ҳужжатни имзолади

«Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Huquqiy axborot» канали хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, электр энергияси манбаларида ҳаракатланувчи транспортлар ҳамда ички ёнув двигатели ва ташқи электр манбаи орқали зарядланувчи электр мотори ёрдамида ҳаракатланувчи транспортларни саноат усулида ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, 2030 йил 1 январгача:

  • республикада ишлаб чиқарилган электромобиллар ва гибрид автомобиллар утилизация йиғимидан озод этилади;
  • хориждан олиб келинадиган электромобилларнинг ва гибрид автомобилларнинг бутловчи қисмлари, хомашё ва материаллар, ускуналар ва технологик жиҳозларни, шу жумладан сервис хизмати кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлари божхона божидан озод этилади;
  • республикада ишлаб чиқарилган ва ички бозорда сотилган, электромобиль ва гибрид автомобилларни сотиб олиш учун жисмоний шахсларга миллий валютада ажратиладиган БҲМнинг 1200 бараваридан ошмайдиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун кредит муддатининг дастлабки 36 ойи давомида компенсация тўланади.

Шунингдек, электромобиллар ва гибрид автомобилларда йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатувчилар 2030 йил 1 январгача лицензия варақалари берилганлиги учун давлат божини тўлашдан озод этилади.

Қайд этилишича, 2023 йил 31 январгача Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети қошида Электромобиллар ва уларнинг инфратузилмаси бўйича илмий тадқиқот лабораторияси ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда маҳаллий электромобиль хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилиши, Ўзбекистонда Хитой компанияси тўлиқ циклда электромобиль ишлаб чиқара бошлагани, шунингдек, Шавкат Мирзиёев электромобиль тармоғини ривожлантириш бўйича таклифлар билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: