10:47 | 20.12.22

                       

Тошкентда 22 ёшли маст йигит тез ёрдам ходимларини калтаклади

Тошкент шаҳар судлари ҳолат бўйича Bugun.uz’га маълумот берди

Тошкент шаҳрида чақирув бўйича етиб келган тез ёрдам хизмати ходимларини калтаклаган 22 ёшли йигитга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Bugun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, 16 октябрь куни соат 19:00 ларда «103»га Миробод тумани «Банокатий» МФЙ, 1-тор Темирйўлчилар кўчасидаги уй олдида бир фуқаро қонга беланган ҳолда юргани юзасидан чақирув келиб тушган. Шунга асосан, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам маркази, 7-сон бўлими шифокорлари кўрсатилган жойга етиб борганида жамоат жойи ҳисобланган уйнинг олдида 22 ёшли йигит маст ҳолатда юрган бўлган. Тез тиббий ёрдам кўрсатмоқчи бўлган 54 ёшли шифокорнинг қорин қисмига тепиб, унга қаршилик кўрсатган.

Шунингдек, маст йигит уларни ажратмоқчи бўлган 27 ёшли фелшернинг қорин қисмига тепиб, ўзининг безорлик ҳаракатларини тўхтатмаган. Жамиятда юриш-туриш, аҳлоқ-одоб қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат тартибини бузиб, тез тиббий автомашинасининг ўнг томон ўртасидаги эшигини юлиб олиб, бу билан автомашинага моддий зарар етказган. Безорлик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган 1958 йилда туғилган ҳайдовчининг бош, юз қисмига қўллари билан уриб, унга тан жароҳати етказган.

Суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали Янгиҳаёт пункитининг суд-тиббий хулосасига кўра, жабрланувчида (ҳайдовчи) бош мия ёпиқ травмаси, бош мия чайқалиши, бош пешона, энса, тизза бўғими соҳаларининг юмшоқ тўқимали лат ейиши каби енгил тан жароҳатига кириши аниқланган.

Судланувчи томонидан тез тиббий автомашинасига жами 4,3 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида туман суди судьяси Рустам Раҳмонов раислигида кўриб чиқилган ишда судланувчи эълон қилинган айбга тўлиқ иқрор эканини билдирган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ҳукми билан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этган 22 ёшли йигит 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Аввалроқ Тошкентда тез ёрдам ходимларини калтаклаган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, Фарғонада тез ёрдам шифокори собиқ ички ишлар ходими томонидан калтакланганди. Шунингдек, Тошкентдаги тиббиёт марказида шифокор aёл маст бемор томонидан, Андижонда ҳам бир шифокор калтаклангани маълум қилинган. Тиббиёт ходимини калтаклаш билан боғлиқ ҳолат Жиззах вилоятида ҳам қайд этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: