19:17 | 20.12.22

                       

Президент парламентга мурожаати давомида «таълим» сўзини энг кўп ишлатгани маълум бўлди

Шунингдек, «мактаб», «шахс», «халқ» сўзлари ҳам кўп ишлатилгани қайд этилган

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 20 декабрь куни парламентга мурожаати давомида энг кўп ишлатилган сўз «таълим» бўлди. Бу ҳақда «Review.uz» хабар берди.

Фото: Review.uz

Қайд этилишича, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари давлат раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатидаги нутқини лингвистик таҳлил қилган.

Таҳлилга кўра, мурожаатнома 2 соат 25 дақиқа давом этиб, унда президент томонидан 6502 та сўз ишлатилган. Мирзиёев ишлатган энг узун сўзлар 15 ҳарфдан иборат бўлиб, нутқ давомида қўлланилган ҳар бир сўз ўртача 7 та ҳарфдан иборат бўлган.

Марказ экспертлари таҳлилига кўра, Президентнинг мурожаатида «таълим» сўзи 25 марта, «мактаб» сўзи 23 марта, «шахс» ва «халқ» сўзлари 22 мартадан, «конституция» ва «инвестиция» сўзлари 20 мартадан, «тадбиркор» сўзи 19 марта ва «маҳалла» сўзи 18 марта ишлатилган.

Шунинигдек, таҳлилнинг иккинчи қисмига кўра, Президент нутқининг асосий қисми таълим-тарбия соҳасига бағишланган бўлиб, ихчам ва самарали давлат бошқарувини ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, энергетика соҳасини такомиллаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳақида кўп гапирилгани қайд этилган.

Фото: Review.uz

Хабарда айтилишича, таълим тизимига берилаётган эътибор бежиз эмас. Тадқиқотларга кўра, мактабгача таълим муассасаларига инвестиция қилинган бир доллар давлатга 15-20 йил ичида 8 доллар билвосита фойда келтириши тахмин қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат раҳбарининг парламентга йўллаган мурожаатида 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги барча мактабларда ўқувчилар учун бепул тушлик ташкил қилиниши ҳақида хабар берилганди. Шавкат Мирзиёев 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилганди. Ундан ташқари Президент таълим сифатини ошириш янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканини таъкидлаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: