22:22 | 22.12.22

                       

Қозоғистонда қуриладиган ИЭС Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беради

Шунингдек, Қозоғистон билан нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 150 млн долларлик келишув имзоланган

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки мамлакат Энергетика вазирликлари имзолаган келишувга кўра, Қозоғистонда қуриладиган кўмир иссиқлик электр станцияси Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Қайд этилишича, ушбу иссиқлик электр станциясининг умумий қуввати 2000 мегаваттга тенг бўлади. Келишувга кўра, унда ишлаб чиқарилган электр энергияси Ўзбекистон истеъмолчиларига етказиб берилади. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари 2023 йилда ишлаб чиқилади.

Ундан ташқари, Қозоғистон билан 300 минг тонна нефть ва нефть маҳсулотларини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича 150 миллион долларлик ва 300 минг тонна Россия нефтини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит қилиш бўйича 9 миллион долларлик шартномалар имзоланган.

Табиий газнинг ўзаро транзитини амалга ошириш, мавжуд ер ости газ омборларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш, шунингдек, газ узатиш тизимини ривожлантириш бўйича келишувга эришилган.

Қозоғистоннинг «ҚазақГаз» компанияси билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларида геология-қидирув ишларини олиб бориш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда англашув меморандуми имзоланган. Меморандум доирасида қўшма ишчи гуруҳлар томонидан 2023 йил 1 майгача аниқ таклифлар тайёрланади.

Шунингдек, кимё саноатида фосфат ва мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича «Казфосфат» компанияси ва «Ўзкимёсаноат» АЖ ўртасида 1,3 миллиард долларлик лойиҳага старт берилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев тор доирада учрашув ўтказганди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида 8 млрд долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзоланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: